«Тошкент» халқаро аэропортида қўл юкларини ўз эгаларига етказиб бериш вақтини сезиларли даражада қисқартириш имконини берувчи автоматлаштирилган сканерлаш тизими жорий этилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати хабар қилди.
Янги автоматлаштирилган тизим апрель ойида фойдаланишга топширилган эди. Ўтган вақт мобайнида юкларни топшириш вақти сезиларли қисқарди, дейилади МАК хабарида. Шунингдек, йўловчиларнинг юкларнинг йўқолиши, унинг ичида буюмларнинг шикастланиши ёки етарли чиқмаслиги каби ҳолатлар билан боғлиқ шикоятлари ҳам камайган, юкларни кўздан кечириш муддати ҳам бирмунча қисқарган.
Юкларни сканерлаш тизими Ўзбекистон дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари томонидан тайёрланди. У аэропорт видеокузатув тизими билан боғланган.
Айни пайтда ҳисобга олиш ва сканерлаш ишлари фақатгина етиб келаётган рейсларга қўлланилмоқда, аммо учиб кетувчи рейсларда ҳам мазкур тизим синовдан ўтказилмоқда.
Янги тизимдан фойдаланишда тўпланган тажриба ва такомиллашувлар янги «Тошкент-4» йўловчи терминалида қўлланилади.